Термины


135

акция — ўз эгасининг акциядорлик жамияти фойдасининг бир қисмини дивидендлар тарзида олишга, акциядорлик жамиятини бошқаришда иштирок этишга ва у тугатилганидан кейин қоладиган мол-мулкнинг бир қисмига бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи, амал қилиш муддати белгиланмаган, эгасининг номи ёзилган эмиссиявий қимматли қоғоз;

ахборотни ошкор қилиш — қимматли қоғозлар бозорида манфаатдор шахсларнинг ахборотни қайси мақсадда олишидан қатъи назар, мазкур ахборотдан унинг топилиши ва олинишини кафолатлайдиган шаклларда фойдаланишини таъминлаш;

вексель — вексель берувчининг ёхуд векселда кўрсатилган бошқа тўловчининг векселда назарда тутилган муддат келганда вексель эгасига муайян суммани тўлашга доир қатъий мажбуриятини тасдиқловчи ноэмиссиявий қимматли қоғоз;

давлат қимматли қоғозлари — Ўзбекистон Республикасининг ғазна мажбуриятлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколат берган орган томонидан чиқарилган облигациялар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг облигациялари;

депо ҳисобварағи — депонентнинг қимматли қоғозларини сақлаш ва қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш учун мўлжалланган, инвестиция воситачисининг ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг ҳисобга олиш регистрларидаги ёзувлар йиғиндиси;

депо ҳисобварағидан кўчирма — депонентнинг қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларини тасдиқлайдиган, инвестиция воситачиси ва (ёки) Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан бериладиган ҳужжат;

депозитар операциялар — ҳисобга олиш регистрларида депозитар операциялар стандартларига мувофиқ бажариладиган операциялар;

депозитар тилхатлар — номинал қийматга эга бўлмаган қимматли қоғоз бўлиб, у тақдим этиладиган қимматли қоғозларнинг муайян сонига бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқлайди ва унинг эгасининг ушбу қимматли қоғоз эмитентидан депозитар тилхат ўрнига тақдим этиладиган қимматли қоғозларнинг тегишли сонини олишини ҳамда тақдим этиладиган қимматли қоғозлар билан мустаҳкамланган ҳуқуқларнинг депозитар тилхат эгаси томонидан амалга оширилиши билан боғлиқ хизматлар кўрсатилишини талаб қилиш ҳуқуқини мустаҳкамлайди;

депозит сертификати — банкка қўйилган омонат суммасини ва омонатчининг (сертификат сақловчининг) омонат суммасини ҳамда сертификатда шартлашилган фоизларни сертификатни берган банкдан ёки шу банкнинг исталган филиалидан белгиланган муддат тугаганидан кейин олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ноэмиссиявий қимматли қоғоз;

депонент — депо ҳисобварағига эга бўлган шахс;

инвестиция активлари — қимматли қоғозлар, пул маблағлари ва қонун ҳужжатларига мувофиқ инвестиция активлари деб эътироф этиладиган бошқа мол-мулк;

инвестор — қимматли қоғозларни ўз номидан ва ўз ҳисобидан олувчи юридик ёки жисмоний шахс;

инфратузилма облигациялари — ишлаб чиқариш инфратузилмасини ва бошқа инфратузилмани барпо этиш ва (ёки) реконструкция қилишни молиялаштириш учун пул маблағларини жалб этиш мақсадида хўжалик жамиятлари ва давлат корхоналари томонидан чиқариладиган облигациялар;

клиринг — қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари томонидан рўйхатдан ўтказилган қимматли қоғозларга доир битимлар бўйича ўзаро мажбуриятларни аниқлаш, аниқлаштириш ва ҳисобга олиш;

корпоратив облигациялар — акциядорлик жамиятлари, масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар томонидан чиқариладиган облигациялар;

маркет-мейкер — қимматли қоғозларга доир нархлар, талаб ва таклиф даражасини сақлаб туриш учун биржа битимларини тузиш мажбуриятини ўз зиммасига олган инвестиция воситачиси;

неттинг — мижознинг барча пул талабларини унинг барча пул мажбуриятларига нисбатан ҳисобга олиш орқали амалга ошириладиган клиринг усули;

ноэмиссиявий қимматли қоғозлар — ушбу Қонунга мувофиқ эмиссиявий қимматли қоғозлар тушунчасига оид бўлмаган қимматли қоғозлар;

облигация — эмиссиявий қимматли қоғоз бўлиб, у облигацияни сақловчининг облигациянинг номинал қийматини ёки бошқа мулкий эквивалентини облигацияни чиқарган шахсдан облигацияда назарда тутилган муддатда олишга, облигациянинг номинал қийматидан қатъий белгиланган фоизни олишга бўлган ҳуқуқини ёхуд бошқа мулкий ҳуқуқларини тасдиқлайди;

халқаро облигация — сотиладиган эмиссиявий қимматли қоғоз бўлиб, у эмитент томонидан чиқарилади ва молиявий ташкилотларнинг гуруҳи томонидан жойлаштирилади, эмитентнинг мамлакатидан ташқари бир ёки ундан кўпроқ давлатда таклиф этилади, бирламчи равишда (шу жумладан обуна бўйича) фақат ушбу гуруҳ орқали сотиб олинади;

опцион — эмиссиявий қимматли қоғоз бўлиб, у ўз эмитентининг муайян миқдордаги қимматли қоғозларини унда назарда тутилган муддатда, қатъий белгиланган нарх бўйича сотиб олишга бўлган ҳуқуқини тасдиқлайди;

фонд биржаси — оммавий ва ошкора биржа савдоларини олдиндан белгиланган жойда ва белгиланган вақтда ўрнатилган қоидалар асосида ташкил этиш ҳамда ўтказиш орқали фақат қимматли қоғозлар савдоси учун шароитлар яратиб берувчи юридик шахс;

эгасининг номи ёзилган қимматли қоғозлар — мулкий ҳуқуқларнинг реализация қилиниши ўз эгасининг рўйхатдан ўтказилган бўлишини талаб этадиган қимматли қоғозлар;

эмиссиявий қимматли қоғозлар — битта чиқарилиш доирасида бир хил белгилар ва реквизитларга эга бўлган, мазкур чиқарилиш учун ягона шартлар асосида жойлаштириладиган ҳамда муомалада бўладиган қимматли қоғозлар;

Эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларининг ягона давлат реестри — рўйхатдан ўтказилган эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларининг рўйхати;

эмитент — эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарувчи ва улар юзасидан қимматли қоғозларнинг эгалари олдида мажбуриятлари бўлган юридик шахс;

Ўзбекистон Республикасининг ғазна мажбуриятлари — эмиссиявий қимматли қоғозлар бўлиб, улар эмиссиявий қимматли қоғозлар эгалари Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига пул маблағлари киритганлигини тасдиқлайди ва бу қимматли қоғозларга эгалик қилишнинг бутун муддати мобайнида қатъий белгиланган даромад олиш ҳуқуқини беради;

қимматли қоғозлар — ҳужжатлар бўлиб, улар мазкур ҳужжатларни чиқарган юридик шахс билан уларнинг эгаси ўртасидаги мулкий ҳуқуқларни ёки қарз муносабатларини тасдиқлайди, дивидендлар ёки фоизлар тарзида даромад тўлашни ҳамда ушбу ҳужжатлардан келиб чиқадиган ҳуқуқларни бошқа шахсларга ўтказиш имкониятини назарда тутади;

қимматли қоғозлар бозори — юридик ва жисмоний шахсларнинг қимматли қоғозларни чиқариш, жойлаштириш ва уларнинг муомаласи билан боғлиқ муносабатлари тизими;

қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари — қимматли қоғозларнинг эмитентлари, қимматли қоғозларнинг эгалари, инвесторлар, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари, шунингдек биржалар ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси;

қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси — қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс;

қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг мижози (мижоз) — депонент ёки қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг хизматларидан фойдаланувчи бошқа шахс;

қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолият — қимматли қоғозларни чиқариш, жойлаштириш ва уларнинг муомаласи билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш бўйича лицензияланадиган фаолият тури;

қимматли қоғозларга доир битимлар — қимматли қоғозларнинг олди-сотдиси, ҳадяси, мероси, устав фондига киритилиши ва қимматли қоғозлар эгасининг алмашувига олиб келадиган бошқа ҳаракатлар, шунингдек қимматли қоғозлар гарови;

қимматли қоғозларга доир фьючерс — қимматли қоғоз бўлиб, у ўзида назарда тутилган муддатда қимматли қоғозларнинг муайян сонини қатъий белгиланган нархда сотиб олиш ёки сотиш мажбуриятини тасдиқлайди;

қимматли қоғозларни жойлаштириш — қимматли қоғозларни уларнинг дастлабки эгаларига бериш;

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси — депо ҳисобварақлари бўйича эмиссиявий қимматли қоғозларни сақлашнинг, бундай қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олишнинг ва эмиссиявий қимматли қоғозлар ҳаракатининг ягона тизимини таъминловчи давлат депозитарийси;

қимматли қоғозларнинг муомаласи — қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотиш, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган, қимматли қоғозларнинг эгаси алмашувига олиб келадиган бошқа ҳаракатлар;

қимматли қоғозларни номинал сақловчи — қимматли қоғозлар эгасининг ёки у вакил қилган шахснинг топшириғига кўра қимматли қоғозларни ҳисобга олишни ва уларга бўлган ҳуқуқларни тасдиқлашни қимматли қоғозларнинг эгаси бўлмаган ҳолда амалга оширувчи инвестиция воситачиси, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси;

қимматли қоғозларни чиқариш — юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларининг объекти сифатида қимматли қоғозлар пайдо бўлишига қаратилган ҳаракатлари;

қимматли қоғозлар эгаси — қимматли қоғозлар ўзига мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида тегишли бўлган юридик ёки жисмоний шахс;

қимматли қоғозлар эгаларининг реестри — рўйхатдан ўтказилган қимматли қоғозлар эгаларининг белгиланган санадаги ҳолатга кўра шакллантирилган, уларга қарашли эгасининг номи ёзилган қимматли қоғозлар эмитентининг номи, ушбу қимматли қоғозларнинг сони, номинал қиймати, тури ва хили, шунингдек реестрда рўйхатдан ўтказилган шахсларга ахборот юбориш имкониятини берадиган маълумотлар кўрсатилган рўйхати;

қимматли қоғозлар эмиссияси — эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқариш ва жойлаштириш;

қимматли қоғозларнинг эмиссия рисоласи — эмитент ва у чиқарадиган қимматли қоғозлар тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек инвесторнинг қимматли қоғозлар олиш тўғрисидаги қарорига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бошқа ахборотни акс эттирувчи ҳужжат;

қимматли қоғозларнинг ҳосилалари — ўз эгаларининг бошқа қимматли қоғозларга нисбатан ҳуқуқларини ёки мажбуриятларини тасдиқловчи ва юридик шахслар томонидан опционлар, қимматли қоғозларга доир фьючерслар, депозитар тилхатлар ва бошқа молиявий воситалар тарзида чиқариладиган қимматли қоғозлар;

ҳисобга олиш регистрлари — инвестиция воситачисида ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсида қимматли қоғозларни сақлаш ҳамда қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш бўйича депозитар операциялар стандартлари билан белгиланган ёзувлар тизими.